20.01.2026
Ички назорат тизими (ИНТ)
Диққат❕Ички назорат тизими (ИНТ) - бу ташкилотнинг самарали ишлашини таъминлаш, фирибгарлик ва хатоларнинг олдини олиш, шунингдек молиявий ҳисоботнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида компания томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилган сиёсат, тартиб-таомиллар ва чора-тадбирлар мажмуидир. Ички назорат тизимлари (ИНТ) компания томонидан аудиторлик хатарларини минималлаштириш мақсадида ҳам ишлаб чиқилади.
Ички назорат тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Сиёсат ва тартиб-таомилларни ўрнатиш ва уларга риоя қилиш: ташкилот ходимлар ишини тартибга солувчи қоидалар ҳамда стандартларни белгиловчи сиёсат ва тартиб-таомилларга эга бўлиши керак.
2.Вазифаларни тақсимлаш: ички назорат тизимида ҳар бир лавозим бир нечта мустақил функцияларга бўлиниши керак. Бошқарув жараёнининг барча босқичларига бир ходимда ваколатлар ва кириш имконияти бўлмаслиги керак. Масалан, юк хатларини бухгалтер, кассир ва омборчи имзолайди. Бу учта одамнинг имзоларисиз юк хати ҳақиқий бўлмайди.
3.Авторизация ва кириш: тизим ташкилотнинг маълумотлари, ресурслари ва молиявий дастурларига киришни назорат қилишни таъминлаши керак. Ҳар бир ходим фақат ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлган ҳуқуқларга эга бўлиши керак.
4. Мониторинг ва аудит: ташкилот сиёсат ва тартиб-таомилларнинг тўғри бажарилишини текшириш учун фаолиятни мониторинг қилиш ва аудит механизмларига эга бўлиши керак. Масалан, бир ходимнинг ҳаракатларини бошқалар томонидан текшириш ва ҳоказо.
5. Тартибга солиш талабларига риоя қилиш: ташкилот ўз фаолиятига тегишли бўлган тартибга солувчи органларнинг талабларига, қонунлар ва стандартларга риоя қилиши керак. Масалан, солиқ органлари, ахборот хавфсизлиги талаблари ва ҳоказо.
